Янгиликлар

Ўзбекистон аҳолисининг 25 фоизи "COVID-19"га қарши эмланди


Ўзбекистон йил охиригача 35 миллион аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда CGTN.


Унга кўра, мамлакат эпидемияга қарши курашда жиддий воситага эга. Яъни Ўзбекистонда Хитой билан биргаликда ишлаб чиқилган вакцинани ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Тафсилотлар CGTN мухбири Барчиной Жўраеванинг репортажида.


"Қарийб 25 фоиз. Бу Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган аҳолининг кўрсаткичидир. Мамлакатда эмлаш бепул амалга оширилмоқда ва эмлаш марказларини топиш жуда осон. Улар вилоят тиббиёт марказлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мавжуд. Кираверишда "COVID-19 га қарши эмлаш", деган ёзувларга дуч келасиз", дейди CGTN мухбири Барчиной Жўраева.


Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш республика эмлаш тақвимига киритилган. Инъекциядан олдин беморлар соғлиғи ҳақидаги анкетани тўлдиришади.


"Мен ўзбек-хитой вакцинасини олишга қарор қилдим, чунки турмуш ўртоғим ҳам бу вакцинани олди ва ҳозирда ҳолати яхши", дейди беморлардан бири.


Кейинги текширув жараёнида эса шифокорлар вакцинанинг қандай ишлашини тушунтиради.


Тошкент шаҳридаги 47-сонли оилавий поликлиника шифокори Наргиза Салимова вакцинанинг таъсири ҳақида тушунтирди.


"Инъекция жойида қизариш бўлиши мумкин, унга тегмаслик керак. Бу табиий ҳолат сабаби организм вирус билан жангга киришади. Агар ҳолсизлик кузатилса, хавотирланмаслик керак. У ўтиб кетади. Фақат сиз яхши овқатланишингиз керак. Агар ҳарорат юқори бўлса, паратсетамол ичиш керак", дейди шифокор.


Ўзбекистонда эмлаш кампаниясига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Дори-дармонларни ҳудудларга ташиш учун 16 та катта совутгичли юк машиналари сотиб олинди. Улардан учтаси вакцинани минус 70 градусда ташишга имкон яратади. Яна 206 та кичикроқ музлатгичли автомобиллар вилоят марказларидан туманларга вакцинани етказишга хизмат қилади. Асосийси, ҳар бир босқичда керакли ҳарорат режимини таъминлашдир.


"Бу музлатгичларда вакциналар +2 дан +8 даражагача ҳароратда сақланади. Бу ерда ҳар қандай вакцинани совуқлик занжирини бузмасдан сақлашимиз мумкин", дейди Тошкент шаҳридаги 47-оилавий поликлиника вакцинатори Азиза Абдуазимова.


Ҳомиладорлик, эмизикли аёллар ва айрим сурункали касалликлар. Эмлаш учун жуда юқори контрендикациялар мавжуд эмас. Ҳатто қариялар ҳам эмлашни нормал қабул қилишади.


"Биринчи марта ҳеч қандай оғриқни сезмадим, ножўя таъсирлар ҳам бўлмади. Иккинчи доза учун эмлашга чақиришди. Менимча, барча касалликдан ҳимояланиш учун эмланиши керак", дейди маҳаллий аҳолидан бири.


Ўзбекистонда эпидемиологик вазият нисбатан барқарор, лекин халқаро вазият ва янги штаммларнинг пайдо бўлиши оммавий эмлашни талаб қилади. Яна бир эътирофга лойиқ жиҳат шундаки, Ўзбекистонда 6 турдаги вакциналардан бирини танлаш имконияти мавжуд. Маълумотларга кўра, ҳар куни ўртача 300-350 минг киши коронавирусга қарши эмланмоқда.


Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ўринбосари Нурмат Отабеков қуйидагиларни қайд этди: 


"Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб берилган вакцина 29 млн дозани ташкил этади. Улардан 17 миллион дозасидан аллақачон фойдаланиб бўлдик. Тахминан 5 миллион аҳоли эмлашнинг тўлиқ курсини олди ва бу аҳолининг тахминан 25 фоизини ташкил қилади", деди у.


Олтита вакцинадан иккитаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Булар ўзбек-хитой ва "Спутник V" вакциналаридир.


"Илғор технологиялар маркази олимлари билан биргаликда Ўзбекистонда III босқич клиник тадқиқотларни ўтказдик. Бизнинг биргаликдаги ишимиз муваффақиятли ўтди ва биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга миннатдорчилик билдирамиз. 


Шунингдек, биз 106 та ҳолатда маълум штаммларга қарши эмлаш самарадорлигини таҳлил қилдик. Альфа штаммидан ҳимоя таъсири 92,93 фоизни, Дельта штаммига қарши - 77,47 фоизни, Каппа штаммига қарши - 90 фоизни ташкил этди", дейди "Anhui Hefei Longcom" биофармацевтика компанияси вакили Гао Линвэй.


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳам вакцинани ишлаб чиқариш жараёни ҳақида ўз фикрларини билдирди.


"Ўзбек олимлари тадқиқотнинг лаборатория қисмида бевосита иштирок этмаган, аммо вакцинанинг таъсири, самарадорлигини ўрганиш жуда муҳим жараён эди. Чунки бу вакцина таъсири дунёда, шунингдек Ўзбекистонда ҳам маълум эмас эди", деди у.


Ўзбекистондаги "Zifivax" клиник тадқиқотлари шуни кўрсатдики, у янги штаммларга нисбатан Американинг замонавий фармацевтика компанияси препаратидан олти баробар самаралироқ. Унинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши мамлакатнинг йил охиригача аҳолининг 70 фоизини эмланиш ҳақидаги мақсадига эришишга ёрдам беради.


Манба