Янгиликлар

COVID-19га қарши вакциналар – ҳозирги ҳолат ва истиқболлар

IntechOpen халқаро илмий адабиётлар нашриёти томонидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов таҳрири остида “COVID-19га қарши вакциналар – ҳозирги ҳолат ва истиқболлар» (“COVID-19 Vaccines – Current State and Perspectives”) номли китоби нашр этилди. Китобда коронавирусга қарши яратилган вакциналар тўғрисида сўнгги маълумотлар, тадқиқотлар натижалари, илмий хулосалар тақдим этилган.

Нашр COVID-19 вирусининг янги штаммларига қарши самарали вакциналар яратиш, вакцинанинг ножўя таъсирлари бўйича статистик маълумотлар, клиник синовлар натижалари, оммавий эмлаш самараси ва турли мамлакатларнинг коронавирусга қарши вакциналарни яратиш тажрибалари акс эттирилган мақолалар тўпламидир. Мақолаларда мавжуд вакциналардан юзага келиши мумкин бўлган янги вирусларга қарши курашда фойдаланиш имкониятлари тўғрисида янги фикр-мулоҳазалар келтирилган, шунингдек янги вакциналарни яратиш, ишлаб чиқариш ва тасдиқлашнинг тезлаштирилган платформаларини ишга тушириш масалалари ўртага ташланган.

Мазкур илмий мақолалар тўпламида глобал пандемия даврида Ўзбекистонда ғам уни бартараф этиш бўйича қатор ишлар олиб борилгани қайд этилган. Хусусан, коронавирус инфекциясини диагностика қилиш учун фойдаланиладиган ПЗР-тестларининг яратилди. Ўзбекистон– Хитой ҳамкорлиги доирасида ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси яратилди ва мамлакатимизда учини фаза тадқиқотлари амалга оширилди. Ҳамкорликда мазкур вакцинани ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга муваффақ бўлинди. Бундан ташқари, рекомбинант оқсилли икки хил миллий вакцина яратилди. Шунингдек, ейиладиган помидор вакциналаримиз ҳозирда клиник олди ва клиник синовлардан ўтмоқда. SARS-CoV-2 вирусига қарши сигир ва эчки иммун сутларини олишнинг янги усулини ўрганилиб, унинг самараси тажрибада синовдан ўтказилди.

Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 98,5 фоизи эмланган бўлиб, 76,6 фоиз аҳоли бустер дозалари билан эмланган. Аҳоли томонидан олинган вакциналар қуйидагича тақсимланган: ZF-UZ-VAC2001 – 66,6%, Moderna – 15,5%, Pfizer-BioNTec – 8,9%, AstraZeneca – 3,8%, Sinovac – 2,7%, Sputnik V – 2,0%, Sputnik light – 0,5%.

Мазкур тўпламда вакциналар бўйича дунё бўйлаб тадқиқотлар ўтказган илмий жамоалар томонидан ёзилган 11 та мақола киритилган бўлиб, уларда вакциналар, оммавий эмлаш, вакцина асоратлари, вакциналарни яратишнинг тезлаштирилган моделлари ҳақида сўз юритилган. Мазкур тўплам илмий аҳамиятга эгалиги билан бир қаторда аҳолининг эмланишдан ҳадиксираш ҳолатларини, пандемия тугади, деган хулосага келиб ўзини ва атрофдагиларни ҳимоялаш чораларини сусайтиришни олдини олишга қаратилган бўлиб, руҳий чекловларни бартараф этишга, жамоавий масъулиятни шакллантиришга хизмат қилади, вакциналарнинг қулайлиги ва самараси ҳақида маълумот беради.