Янгиликлар

CОVID-19 нинг янги штамми янада юқумли ва пандемиянинг янги тўлқинига олиб келиши мумкин - ЖССТ

Сўнгги вақтларда Қўшма Штатларда ҳукмронлик қила бошлаган ва 29 мамлакатда аниқланган коронавируснинг Омикрон ХBB.1.5 штамми пандемиянинг янги тўлқинига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг CОVID-19 бўйича мутахассиси Мария Ван Керкхове маълум қилди.

«Биз унинг ўсиш суратидан хавотирдамиз. ХBB.1.5 штаммининг бошқа штаммларга нисбатан юқумлилиги анчайин юқори. У Европа ва Америка Қўшма Штатларининг шимоли-шарқий қисмларида кенг тарқалди», деди Мария Ван Керкхове.

ЖССТда эмланиш ёки касалликнинг юқиши туфайли иммунитетга эга бўлган одамлар орасида касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари кўпайиши борасида аниқ маълумот ёки тахминлар мавжуд эмас.

Штамм 29 мамлакатда топилган, аммо унинг бошқа мамлакатларга ҳам тарқалиш хавфи йўқ эмас. Қўшма Штатларда эса бир неча ҳафта ичида у ҳукмронлик қила бошлади - Омикрон ХBB.1.5 ҳолатлари сони 4% дан 40% гача ошди.