Янгиликлар

COVID-19 Альцгеймер хавфини оширади - олимлар

Яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, коронавирусдан тузалган кекса беморларнинг 50-80 фоизида Альцгеймер касаллиги ривожланади.

Коронавирус инфекциясининг узоқ муддатли оқибатларидан бири Альцгеймер касаллиги хавфини ошириши мумкин. Бундай хулосага Кливленддаги Case Western Reserve университети ва Case Western Reserve тиббиёт мактаби олимлари келди.

6 миллиондан ортиқ кекса одамларни текширгандан сўнг, шифокорлар COVID-19 билан касалланганларда инфекциядан кейин бир йил ичида Альцгеймер касаллигини ривожланиш хавфи 50-80 фоизга ошади деган хулосага келишди.

Пастер институти маълумотларига кўра, Альцгеймер касаллиги вақт ўтиши билан ривожланадиган нейродегенератив касалликдир.

Олимлар узоқ вақтдан бери Альцгеймер касаллиги юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган ва америкалик олимларнинг янги тадқиқоти бу тахминни тасдиқлаган.

«SARS-CoV-2 инфекцияси марказий асаб тизимидаги бузилишлар, шу жумладан яллиғланиш билан боғлиқлигини ҳисобга олиб, биз COVID-19 ҳатто қисқа муддатда ҳам ташхислар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкинлигини синаб кўрмоқчи эдик», деди университет фахрий профессори ва тадқиқот ҳаммуаллифи Памела Девис.

COVID-19 ҳақиқатан ҳам Альцгеймер касаллигини қўзғатадими ёки унинг бошланишини тезлаштирадими, ҳозирча номаълум.

«Альцгеймер жиддий ва мураккаб касалликдир. Биз юқори қон босими, юрак хасталиги, семизлик ҳамда ҳаракатсиз турмуш тарзи каби умумий хавф омилларини камайтириш орқали баъзи тенденцияларни ўзгартиришга муваффақ бўлдик деб ўйлагандик», деди Памела Девис.

Аммо COVID-19 таъсирида кекса беморлар сонининг кўпайиши вазият олимлар ўйлагандек оддий эмаслигини кўрсатади.

Университет жамоаси COVID-19 нинг Альцгеймер касаллиги ва бошқа нейродегенератив касалликларга таъсирини ўрганишни давом эттиришни режалаштирмоқда.